Янги мавсум олдидан “Бунёдкор”нинг айрим футболчилари ўз рақамларини ўзгартиришди. Жумладан Ривалдо, Кападзе, Ҳайдаров сингари футболчилар энди ўзларининг севимли рақамларида ўйнашади.
Хабарингиз бор, бразилиялик футбол юлдузи Ривалдо “Бунёдкор”га келгунга қадар тўп сурган клубларида асосан “10” рақамда ўйнаган эди. Бразилиялик футболчи “қалдирғочлар” сафига қўшилган пайтда эса унинг севимли рақами ОФКга берилган “заявка”да Улуғбек Бақоев номига кўрсатилганлиги боис, унга “10” рақамни олиб беришни сира ҳам иложи йўқ эди. Шу боисдан ҳам Ривалдо “Бунёдкор”да фаолиятини “6” рақамда бошлашга қарор қилганди. Мана орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, янги мавсум олдидан Ривалдо яна ўзининг севимли рақамига эга бўлди. Энди у “Бунёдкор” сафида “10” рақамли футболкада ҳаракат қилади. Бунгача “10” рақамни эгаси бўлиб келган Бақоев эса Пономарёв кетгач бўшаб қолган “11” рақамда ўйнайдиган бўлди.
Эсингизда бўлса, ўтган мавсум олдидан Тимур Кападзе ва Сервер Жепаровлар билан худди Ривалдоникига ўхшаш воқелик кузатилганди. Ушбу икки футболчи “Бунёдкор” аъзосига айланишганида, ОФК Чемпионлар лигасига “заявка” топшириш муддатининг сўнгги кунлари эди. Шу боисдан ҳам ОФКга берилган хужжатларда ушбу футболчиларга “29” ҳамда “30” рақамлар кўрсатилганди.
Орадан бир йил ўтиб, Кападзе рақамини ўзгартирди. Энди у худди терма жамоадаги каби “18” рақам остида майдонга тушади. “30” рақам Сервер Жепаровга мавсум давомида жуда кўплаб муваффақиятлар келтиргани учун ҳам “Бунёдкор” сардори клубдаги рақамини ўзгартиргиси келмади. Ваҳоланки, Сервер ҳам терма жамоадаги каби “8” рақамни олиши мумкин эди. Чунки бу рақам эгаси бўлиб келган Рашид Ғофуров футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийликка ўтиб кетди.
Илгари “Локомотив”да ўйнаганида ҳамда терма жамоамизда ҳамон “7” рақамда ўйнаб келадиган Азизбек Ҳайдаровнинг энди ҳам клубдаги, ҳам терма жамоадаги рақами бир хил бўлди. Энди у “Бунёдкор” сафида “7” рақамда ўйнайди.
Шунингдек, Яннис Мандзукас ҳам рақамини ўзгартирди. Бундан буён Яннис “8” рақам остида ҳаракат қилади.
|