Чоршанба, 30.07.2025, 15:48
Приветствую Вас Гость | RSS
uzbfootball.ucoz.ru
Меню сайта
Разделы новостей
Жахон футболи [32] Ўзбекистон футболи [52]
МДХ футболи [24] Осиё футболи [10]
Форма входа
Календарь новостей
«  Январ 2009  »
Ду Се Чр Пш Жу Шн Як
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Поиск
Друзья сайта
Мини-чат
200
Наш опрос
Sizning sevimli klubingiz?
Барча жавоблар: 217
Статистика

Барча онлайндагилар: 2
Мехмон: 2
Фойдаланувчилар: 0
Главная » 2009 » Январ » 20 » ҚОСИМОВ: “АВВАЛ ОСИЁНИ ЗАБТ ЭТАЙЛИК”
ҚОСИМОВ: “АВВАЛ ОСИЁНИ ЗАБТ ЭТАЙЛИК”
20:38

Ўзбекистон футбол федерациясининг мажлислар залида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ва “Бунёдкор” сардори Сервер Жепаров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, 21 январ куни Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетади ва у ерда 2 февралга қадар 4 та учрашувда иштирок этади. Шулардан бири ва энг муҳими шу ойнинг 28-санасида БАА терма жамоасига қарши 2011 йилги Осиё чемпионатининг саралаш босқичи доирасида амалга оширилади.

- Миржалол Қўшоқович, айтингчи, 28 январ куни БАА билан бўладиган 2009 йилдаги илк расмий учрашувимизда фақатгина шу эълон қилган 23 та футболчидан иборат таркиб орасидан ўйинчиларни танлаб оласизми ёки унгача ҳали яна ўзгаришлар содир этиладими?

- Кўриб турганингиздек, таркибдан фақатгина битта легионер – ҳужумчи Шахбоз Эркинов жой олган. Қолган легионерларимиз эса, январ ойидан бошлаб ўз клублари сафида шуғуллана бошлашди. Шу туфайли уларни безовта қилиш тўғри бўлмайди. Шуларни инобатга олиб, асосан ички чемпионатимизда тўп сураётган йигитлардан иборат таркиб билан Амирликларга боришни режалаштирдик. 11 феврал куни Баҳрайн термасига қарши ўйин олдидан ўтказиладиган йиғинга 4 февралда барча легионерларимиз ташриф буюришади.

- Қатарда ўтказилаётган “Дўстлик” халқаро турнирида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ўйинларини бевосита кузатиб қайтдингиз. Миллий терма жамоага номзод бўлган ёшлар сизда қандай таассурот қолдиришди? Улар бугунги кунда бош жамоамизда ҳам ўйнаб кета олиш даражасидамилар? Жумладан, жамоа сардори Шерзод Каримовни қайси позицияда синаб кўрмоқчисиз?

- Дарҳақиқат, Қатарда ёшлар терма жамоамизнинг гуруҳдаги барча ўйинларини кузатдим ва улар менда илиқ таассурот қолдирганликлари хусусида аввал ҳам айтгандим. Миллий терма жамоага номзод бўлган йигитлар Фозил Мусаев, Ислом Тўхтаҳўжаев, Шерзод Каримов, Суннатилла Мамадалиев, Кенжа Тўраев ҳозирда Аҳмад Убайдуллаев жамоасининг муҳим ва етакчи ўйинчилари эканлиги яққол сезилиб турибди. Айниқса, ўша 2-турда Малайзия билан бўлган ўйинда иккинчи таркиб билан учрашувни бошлаган вакилларимиз бироз қийналиб қолишди ва юқорида номлари зикр этилган футболчилар майдонга тушгач, ўйинда бурилиш ясалди. Умуман олганда ёшлар терма жамоаси аъзолари кўз тегмасин, ҳозирда ўсиб бораётганликларини эътироф этиш лозим. Мисол учун, Исроилда ўтказилган йиғинда Шерзод Каримов анча фаол қатнашди ва заҳирадан майдонга тушиб, ўзини йўқотиб қўймади. У ўнг қанотда ҳам, чап қанотда ҳам бирдек яхши ўйин намойиш қила олади. Агар зарурат туғилса, Каримовни кейинги баҳсларда ҳам синаб кўрамиз.    

- Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, кўплаб давлатларда мамлакат бош жамоаси учун ўйнаган ёшлар терма жамоалари аъзолари кейинчалик ўз ёшларидаги терма жамоа учун қайта ўйнашмайди. Шахсан сиз ҳам шундай йўл тутмоқчи эмасмисиз?

- Мен қандай қилиб бундай йўл тутишим мумкин? Ахир ёшлар терма жамоамиз Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди ва улар бу мусобақага ҳозирданоқ жиддий тайёргарлик кўришни олдиларига мақсад қилишган. Тўғри, вақти келиб шу ёшлар ўзларини кўрсатишда давом этишса, миллий терма жамоанинг асосий футболчиларига айланишади. Эҳтимол, вақти келиб фақат бош жамоамиз учун ўйнашар лекин ҳозир бундай йўл тутиш умуман нотўғри.

- Шаржада ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғини давомида ташкил этиладиган ўртоқлик учрашувлари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Деярли икки ҳафта давом этадиган ўқув-машғулот йиғини чоғида 4 та учрашувда майдонга тушамиз. 28 январ куни БАА термаси билан бўладиган 2011 йилги Осиё чемпионати саралаш босқичи доирасидаги баҳс сўзсиз, энг муҳими саналади. Шунингдек, яна учта ўртоқлик ўйинлари ҳам режалаштирилган. 24 январда, Россиянинг “Зенит” клуби билан ҳамда 1 февралда Озарбайжон терма жамоасига қарши майдонга тушишимиз аниқ бўлган. Шу ойнинг 30-санасида ҳам Праганинг “Славия” клуби билан назорат беллашуви эса, ҳозирча сўроқ остида турибди. Бу масалани у ерга боргач, хал қиламиз.

- Клублар билан ўйнашга қандай қарайсиз? Чунки камдан-кам терма жамоалар клублар билан ўртоқлик учрашувини ўтказадилар.

- Албатта, терма жамоалар билан ўйнаган маъқул. Клуб билан терма жамоа ўртасида барибир фарқ бўлади. Лекин “Зенит” миқёсидаги клуб билан куч синашилса, бундан катта фойда олиш мумкин. Эътибор берсангиз, УЕФА Кубоги соҳиблари таркибида бир қатор Росся терма жамоаси ўйинчилари ва дунё миқёсидаги юлдузлар тўп суришади. Шу боис, бу масала қандай клуб билан ўйнашга ҳам боғлиқ. Дейлик, дунёнинг кўзга кўринган терма жамоалари билан ўйнаш учун эса, аввал ўзимиз керакли савияга кўтарилиб олишимиз зарур, деб ўйлайман.

- Икки мусобақадаги навбатдаги рақибларимиз БАА ва Баҳрайн терма жамоаларининг ўйинларини кузатдингиз. Уларнинг кучли ва кучсиз жиҳатлари ҳақида нима дея оласиз?

- Бирлашган Араб Амирликларининг Эрон терма жамоаси билан бўлган учрашувини (2010 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида) стадионда ўтириб кузатгандим. Ўша ўйинда амирлик футболчилар жисмоний жиҳатдан анча кучли ўйин намойиш қилишди. Қанотлардаги ўйинчилар ўз ўринларини алмаштириб, хатто баъзи вазиятларда эронликларни чалғитиб ҳам қўйишди. Улар рақибга босим ўтказиб, кўп бора қулай имкониятларга эга бўлишди. Ҳисоб камида 2:0 бўлиши мумкин эди, аммо мезбонлар қулай имкониятлардан унумли фойдалана олишмади. Ўз навбатида тажрибали Эрон терма жамоаси эса, ўйин охирларида ўзига келди ва ҳисобни тенглаштиришга эришди. Учрашув чиндан ҳам кескин ва қизиқарли тарзда ўтди, агар эронликларга омад кулиб боққанида улар хатто ғалабани ҳам илиб кетишлари мумкин эди. Баҳрайн терма жамоаси ҳақида ҳам илиқ гапларни гапириш мумкин. Аҳамият берсангиз, баҳрайнликлар 4-5 йилдан буён таркибни мукаммаллаштириб келишмоқда. Ўша 2005 йилда Ўзбекистонга қарши ўйнаган бир қанча ёш футболчилар ҳозирда терма жамоанинг асосий ўйинчиларига айланишган. Шу туфайли улар анча шаклланган терма жамоалар сафига киришади.

- Интернет тармоғи, умуман оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг УЕФА га ўтиши ёки ОФК да қолиши юзасидан кўплаб турли фикрлар билдирилди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

- Кейинчалик нима бўлишини ҳеч ким билмайди, аммо ҳозирда биз ОФК дамиз ва бошқа нарсаларни ҳақида гапиргандан кўра, биринчи навбатда Осиёни забт этишимиз лозим. Бу борада бизни 28 январ куни 2009 йилдаги дастлабки расмий ва жиддий синов кутиб турибди. Юқорида кўтарилган масалага ортиқча эътибор қаратмай, ушбу баҳсга пухта тайёргарлик кўриш ҳақида бош қотирганимиз маъқул, деб биламан.

- Кўпчилик БАА га қарши кечадиган ўйинга шунчаки 11 февралда Баҳрайн билан бўладиган муҳим учрашувга тайёргарлик сифатида қарамоқда. Яъни, бу ҳам Шаржадаги ўртоқлик учрашувларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми?

- Йўқ. Нима бўлганда ҳам расмий ўйин ўртоқлик учрашувидан тубдан фарқ қилади. 28 январда эса, бизни айнан кучли рақиб билан бўладиган расмий ўйин кутиб турибди. Қолаверса, бу бизнинг 2009 йилдаги расмий мақомдаги илк ўйинимиз бўлади. Ушбу беллашувга жиддий қараймиз ва ўзимизга керакли бўлган натижани қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз.

- Бу галги йиғинга фақатгина битта легионер чақирилган. Шахбоз Эркиновни терма жамоага таклиф қилаётганда нимага асосландингиз: унинг Эрондаги фаолиятигами ёки таркиб ёшартирилаётган бир пайтда Эркиновнинг сафга тезда киришиб кетишигами?

- Қолган легионерлар хусусида гапириб ўтдим. Шахбозни эса, терма жамоага жалб қилиш имконияти бор эди. Қолаверса, у маълумотларга кўра, Эронда ёмон ўйин намойиш қилмаяпти. Бундан ташқари, уни амалда синаб кўриш имкониятидан унумли фойдаланишни кўзладик. Қолганини вақт кўрсатади.

- Терма жамоада сардорлик вазифаси яна Максим Шацкихга ишониб топшириладими ёки янги сардор тайинлаш учун бошқа вариантлар ҳам борми?

- Вариантлар ҳар доим бўлган. Қолаверса, бу у қадар катта муаммо эмас. Чунки ҳар бир жамоада ёрдамчи, вице-сардорлар бўлади. Керакли вақтда улар жамоа сардорининг ўрнини босишлари мумкин. Бизда ҳам бундай футболчилар мавжуд. Ҳозирча Шацких бу вазифани уддаламоқда.

- Маркзий ҳимоячи муаммо бўлиб турган бир пайтда, тажрибали ҳимоячи Асрор Алиқуловни заҳира футболчиси сифатида қайд этдингиз. Бунинг сабаби нимада ва марказда Анзур Исмолиловга шерик бўлиш учун кимнинг имконяитини юқори деб баҳолайсиз?

- Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирда терма жамоани ёшартириш устидан иш олиб бормоқдамиз ҳамда имкон қадар истеъдодли ёшларни таркибга жалб қилмоқдамиз. Бу масаланинг сабаби ҳам шу билан боғлиқ. Марказий ҳимояда Анзурга ким шерик бўла олади деган саволингизга ёшлар терма жамоаси аъзоси Ислом Тўхтаҳўжаевни кўрсатган бўлардим.  

- Терма жамоанинг асосий дарвозабони Игнатий Нестеров жароҳат олса, Михаил Наумов ёҳуд тажрибасиз Муҳиддин Худоёров унинг ўрнини боса олиши мумкин деб ўйлайсизми? Дейлик, ўша Мурод Зуҳуров бу борада анча ўзини кўрсата олганди.

- Тўғри футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Худо кўрсатмасин, Нестеров жароҳат оладиган бўлса, Наумов ва Худоёров ёки бўлмаса кўз остимизда бўлган “Пахтакор”нинг иккинчи дарвозабони Тимур Жўраев ҳам эгаллаши мумкин бўлади. Албатта, Нестеровнинг қандай савиядаги дарвозабон эканлиги хусусида ортиқча изоҳ бериш шарт эмас. Аммо қолган посбонларимиз ҳам ўз клублари сафида ўзларини кўрсатиб келишмоқда. Мисол учун, ўтган йили Павел Бугало жароҳат олганида ёш Мурод Зуҳуров унинг ўрнини ишонч билан эгаллай олганди.

- Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган пахтакорчилар қачон таркибга келиб қўшилишади? Шунингдек, бош жамоамизнинг асосий ўйинчилари бўлган Ислом Иномов ва Илҳом Суюновларнинг бугунги аҳволи қандай?

- “Пахтакор” бугун “Ҳамдўстлик Кубоги”даги гуруҳда учинчи ўйинини ўтказгач, терма жамоа аъзолари 21 январ куни эрта тонгда Тошкентга етиб келишади. Иномов ва Суюнов тўғрисида гапирадиган бўлсам, улар ҳозирда жароҳатларидан сўнг енгил югуришни бошлашди. Аммо ҳали тўп билан ишлашга шифокорлар рухсат беришмаган. Шунинг учун улар “Пахтакор” билан Москвага йўл олишмади. Кеча Ислом билан суҳбатлашганимда у ўзини яхши ҳис қилаётганини, лекин тиззасидаги жароҳат ҳали эркин ҳаракат қилишга имкон бермаётганлигини айтди. Ўйлашимча, улар таҳминан март ойининг охирларида ўзларининг яхши спорт формаларига кириб олишади.

Фахриддин НИЗОМОВ
ЎФФ матбуот хизмати
 
 
 
 
 
 
Манба: www.the-uff.com
Категория: Ўзбекистон футболи | Просмотров: 933 | Добавил: admin | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025