2010 йилги Жаҳон чемпионати 4-саралаш босқичининг 5-тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши учрашувда иштирок этиш учун Баҳрайн терма жамоасининг делегацияси 8 февралдан 9 февралга ўтар кечаси соат 01:20 да Тошкентга ташриф буюради, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайти.
ЎФФнинг «Терма жамоалар ва маркетинг» бошқармаси раҳбари Алишер Никимбаевнинг бу борада қуйидаги фикрни билдирди.
«Баҳрайн расмийлари бизга Тошкентга ташриф буюрадиган жамоа делегацияси аъзоларининг рўйхатини виза учун юборишди. Табиийки, ҳали жамоа таркиби, раҳбарият ва қолган расмий вакилларнинг якуний рўйхати маълум эмас. Аммо шуниси аниқки, рақибларимиз 8-дан 9 февралга ўтар кечаси соат 01:20 да Тошкентга ташриф буюришади ва албатта, «Интерконтинентал» меҳмонхонасига жойлашадилар», - деди Никимбаев.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон билан бўладиган жиддий ўйинга БААда тайёргарлик кўрган Милан Мачала шогирдлари куни-кеча Жанубий Корея терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Икки бора ҳисобда олдинда борган араблар якунда дурангга имзо чекишди – 2:2.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ўйин 11 феврал куни «Пахтакор» марказий стадионида соат 16:00 да бошланади.