Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугун куннинг биринчи ярмидаги машғулотида 22 та футболчи иштирок этди.
Аввал
маълум қилганимиздек, легионерлар Максим Шацких ва Шахбоз Эркинов
бугун, Вагиз Галиулин эса, эртага терма жамоа ихтиёрига етиб келиши
режалаштирилган. Булардан ташқари, тонгги машғулотда дарвозабон Михаил
Наумов ҳам қатнашмади. Ёрдамчи мураббий Игор Шквириннинг айтишича, у
бироз бетоб бўлиб қолган.
Бир соатдан зиёд давом этган
машғулотлар чоғида бош мураббий Миржалол Қосимов ва унинг ёрдамчилари
йигитларнинг жисмоний ҳолати, тўп билан муомала, чигал ёзди каби
машқлари устида иш олиб боришди. Тан олиш керак, машғулотда
футболчиларга осон бўлмади. Лекин айтишадику “машғулотлардан қийин
бўлса, ўйин пайтида осон бўлади” деб. Улар шу қадар тер тўкиб меҳнат
қилишдики, охир-оқибат “Бунёдкор” сардори Сервер Жепаров мураббийга
хазил аралаш “Нима, бугун кечки машғулотлар йўқми..?” дея навбатдаги
машғулотга саф тортди.
Маълумотларга кўра, куннинг иккинчи ярмидан ўрин олган машғулотларда футболчилар кўпроқ тўп билан ишлашлари режалаштирилган.
ЎФФ матбуот хизмати
|