Главная » 2009»Феврал»3 » ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ТОШКЕНТГА ҚАЙТИБ КЕЛДИ
ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ТОШКЕНТГА ҚАЙТИБ КЕЛДИ
10:31
2 феврал куни соат 16:50 да Ўзбекистон миллий терма жамоаси делегация аъзолари жой олган самолёт Шаржа-Тошкент йўналиши бўйича Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди.
Маълумки, БААда Миржалол Қосимов шогирдлари 21 январдан 2 февралга қадар ўқув-машғулот йиғинида қатнашишди. Шунингдек, йиғин давомида жами 4 та учрашувда майдонга тушишди. Жумладан, 28 январ куни 2011 йилги Осиё чемпионати саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси БАА меҳмони бўлиб, 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришди.
Футболчиларни кутиб олиш учун аэропортга кўплаб футбол фанатлари, мутахассислар, ЎФФ мутасаддилари ва футболчиларнинг оила аъзолари ташриф буюришди. Ўз навбатида йигитлар бирин-кетин ҳуш кайфиятда ичкаридан чиқиб келишди. Гарчи, самолёт қўнгач, ўзбекистонликлар аэропорт ичкарисида бироз ушланиб қолишган бўлсаларда, бу нарса уларнинг кайфиятига сира таъсир ўтказмагани яққол сезилиб турарди.
ЎФФнинг “Терма жамоалар ва маркетинг” бошқармаси бошлиғи Алишер Никимбаевнинг айтишича, энди терма жамоа аъзолари навбатдаги муҳим ўйин олдидан 5 феврал куни Тошкентда тўпланишади. Маълумки, 11 феврал куни 2010 йилги Жаҳон чемпионати 4-саралаш босқичининг 5-турида Баҳрайн терма жамоаси Тошкентга ташриф буюради.