Ушбу футболчи феноменал. Ҳа, қўрқмасдан шу сўзни қўлласа бўлаверади унга нисбатан. Уни таърифлаётганда турли мақтовлар ишлатишади аҳли футбол. Мен эса мақтовларга кейинроқ ўтаман. Бошланишига оддий бир таъриф ишлатаман. Бу таъриф ҳамкасбим Хайрулло Ҳамидовга тегишли: Кака бразилиялик бўлмаган бразилдир! Ушбу таърифни қуйида тушунтириб кетаман.
«Милан» машҳур, бой тарихга эга, жуда обрўли жамоа. Европада энг совриндор жамоа 2 та бўлса, биттаси «Милан»! Ана шу клуб ўз таркибига ҳар йили жаҳоннинг энг зўрларини йиғишга ҳаракат қилади. Ёки бошқача – умидли футболчиларни топиб келиб, уларни дунёга танитади. Бу клуб скаутлари камдан-кам хатога йўл қўйишлари ҳам бор гап. Жаҳоннинг турли гўшаларида изғиб юрувчи скаутлар охирги 20 йилда Ван Бастендан тортиб Бобангача, Леонардодан тортиб Шевченкогача, Руи Коштадан тортиб Пирлогача, Веадан тортиб Патогача, Бирхоффдан тортиб Какагача бўлган юлдузларни жамоага олиб келишди, кашф қилишди ва жаҳон футболига ҳар йили унутилмас гўзал лаҳзаларни тортиқ этишга ҳисса қўшишди.
«Милан» ана шу юлдузлардан унумли фойдаланишни ҳам биладиган жамоа эканлиги билан ҳам машҳур. Тўғри, Ривалдо ёки Редондо каби футболчилар жамоага айтарли ҳеч нарса бермаган бўлишлари мумкин. Лекин бошқа футболчиларнинг хизматлари эвазига бу бўшлиқ билинмай кетади. Яна бир жиҳат бор – бу клубга келган футболчи ундан бошқа бирор ёққа кетиши қийин бўлиб қолади (албатта клуб ўша ўйинчини трансферга қўймаса). Айнан шу клубда машҳур Мальдини тўп суради. Мальдини фаолияти дунёда исталган ўйинчига ўрнак ўлароқ кўрсатилиши мумкин. Бундай футболчилар жаҳон футболида саноқли эканлигини ҳам биламиз. Бутун умр ўз жамоаси учун тўп суриш, устамасига бир маромда, юксак савияда тўп суриш менимча фақатгина Рауль ва Мальдиниларга насиб бўлган бўлса керак (бу яқин ўтмиш, ёдимдан чиққанлар бўлса маъзур тутгайсиз).
Гапни анча узоқдан олиб келдим, а? Ҳамкасбларимдан юққандир-да? Ё аввалдан шунақа «касалим» бормиди? Э, нима фарқи бор. Хуллас, Кака ҳақида гаплашмоқчийдик. Ана шу Кака деганлари зўр футболчи. Буни биласиз. У яхши инсон эканлигини ҳам биласизми? Билмасангиз айтиб қўяй, у майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўрнак бўлишга арзигулик йигит. Ана шу футболчи менимча ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бирини қабул қилди. «Манчестер Сити»ни ўзиники қилиб олган шайх таклиф қилган ақл бовар қилмас пуллар ҳам бу йигитни жамоасини ўзгартиришга мажбур қилолмади.
Каканинг Миланни тарк этмаслигини истаган тиффозилар кўчага чиқиб намойишлар ҳам уюштиришди, ўйинлар пайтида ҳам турли шиорлар кўтариб ўтиришди. Уларнинг энг оддийлари «Биз сенга нима ёмонлик қилгандик?», «Бағримизга тиғ санчма, Кака», «Ишонамиз, пуллар эмас, қадрдонларинг муҳим», деган сўзлар билан безатилганди. Ана шу тиффозилар ҳаққи, ҳар куни кўрадиган ва қадрдон бўлиб қолган кўчалар, уйлар, фонтанлар, музейлар, дўконлар ҳаққи, «Миланелло» ҳаққи, бразилиялик юлдуз шу шаҳарда қолди. У бадавлат мегалойиҳанинг иштирокчиси бўлишдан кўра, уни ардоқлайдиган истараси иссиқ қадрдонлари – итальянлар олдида қолди. Эсингиздами, Шевченко тушган ҳолат? Шева хотини ва болалари деб тиффозиларнинг гапига кирмаганди ва Лондонга кетганди. Оқибат нима бўлганини ҳамма билади. Тўғри, Шевани сотишга «Милан» раҳбарлари ҳам унчалик қаршилик қилишмаган. Аммо ўшанда ҳам тиффозилар украиналик голеадордан кетмасликни сўраб илтижо қилишган, Шевани олиб қолиш илинжида махсус веб-сайт очишга ҳам боришганди. Аммо...
Кака ана шу хатони такрорламади. Биласизки, у жуда художўй, камтар, кўнгли очиқ инсон. Майдонда симуляция ишлатганини кўрганмисиз? Мен кўрмаганман. Рақиб билан уришганини-чи? Майдондан ташқарида бирор маишат ва кўнгилхушликларга берилганини, жанжал-тўполонларга аралашиб қолганидан хабарингиз борми? Ёки Роналду ва Адриано, Роналдо ва Вьерилардек хурилиқо топ-моделларни пайпоқдек алмаштирганини эшитганмисиз? Шахсан мен унинг юқоридаги каби ножўя ишларга қўл урганидан хабарим йўқ. У рисоладагидек оиланинг бошлиғи, фарзандлари тарбиясига эътибор беради, вақт топилди дегунча черковга боради оиласи билан. +исқаси, Кака намунали инсон! Ана шундай яхши сифатларга эга бўлган инсон учун пул биринчи ўринда турмаслигига бутун дунё гувоҳ бўлди. Бошқача бўлиши мумкинмиди? Ҳа, бўлиши мумкиндир, фақат Кака билан эмас.
Мен авваллари ҳам футболчига баҳо бераётганда нафақат унинг ўйини, балки инсоний хислатларига ҳам эътибор беришимни ёзгандим. Шу жиҳатдан мен учун Кака Роналдудан, Шевченко Ривалдодан, Модрич Робиньодан, Оуэн Роналдодан (мисоллар талай) устун саналади. Эсимда, бундан 3-4 йил аввал Донецкнинг «Шахтёр» клуби бразилияликларга таяна бошлаган бир вақтда жамоа ички муҳити бузилганди. Ўшанда жамоа футболчиларидин бири бўлмиш украин йигит ўз интервьюсида қуйидаги гапларни айтганди: «Битта бразилиялик нормал, иккитаси расво, ундан кўпи эса кулфатдир». Тўғри, бу гап ҳар доим ҳам тасдиғини топмаслиги мумкин, аммо бразил футболчиларнинг кўпчилиги кўнгилхушликка, пулга, кайфу-сафога ўчлиги билан ҳам ажралиб туришади. Кака эса мутлақо бошқача. Мақоланинг бидоясида ҳамкасбимга тегишли сўзларни келтиргандим. Энди тушунгандирсиз уни нега бразилиялик бўлмаган бразил, дейишларини? Ана шундай яхши инсон ва зўр футболчи бўлган Кака мисолида Милан шаҳри бебаҳо «жавоҳир»га эга бўлган ва ўша жавоҳирни сақлаб қола олди. Энди «Милан»дан ҳам, Какадан ҳам, борингки барча яхши инсон бўлган футболчилардан ютуқлар кутамиз. Мақолам сўнггида Каканинг амалга ошмаган трансфери хусусида машҳурларнинг гапларидан иқтибос келтираман. Зеро, улар гапиришса, билиб гапиришади.
Диого Кочо (Каканинг яқинларидан бири): «Пулни деб кучсиз клубга ўтиш Какага хос эмас. Кака – Робиньо эмас». Corriero Dello Sport
Алан Ширер: «Каканинг нархи унчалик эмас. Аминманки, у буни ўзи ҳам тушунади ва Робиньонинг йўлидан юрмайди. У пулни биринчи ўринга қўядиган футболчилардан эмас». BBC
Паоло Мальдини: «Биз ҳайратдамиз. Ҳеч қайси футболчининг нархи бунча эмас. Каканинг ўзи эса жим. Кўринишидан у тамомила хотиржам». Channel4.
Алешандре Пато: «Кака юрагига қулоқ солиши керак. Унинг ўрнида бўлганимда, ўз уйимга айланиб қолган макондан ҳеч қаерга кетмасдим. Умид қиламан, у пулни устун қўймайди. La Gazetta dello Sport.
Звонимир Бобан: «Агар Каканинг ўзи кетишни хоҳламаса, уни ҳеч ким мажбурлай олмайди». SkySports
Луис Фелипе Сколари: «Какани пул билан авраб бўлмайди. Мен уни жуда яхши биламан. Кака – дунёнинг энг зўр футболчиларидан бири. У майдонда ҳам ва ундан ташқарида ҳам жуда яхши йигит». The Independent
Кахабер Каладзе: «Ўйлашимча, Кака «Милан»да қолади». Rai TV
Алекс Фергюсон: «Агар Кака «Сити»га ўтса, унинг ортидан эргашувчилар кўпаяди». The Guardian.
Фернандо Торрес: «Кака «МС» сафига ўтишга рози бўлмаслигига ишончим комил. Бу жамоа унга тўғри келмайди. У фақат совринлар учун курашадиган топ-клубларда ўйнаши керак». Sky Sports.
Роналдиньо: «Унинг кетиши жамоа учун фалокатдир. Кака пулни деб «Милан»дан кетмаслигига қаттиқ ишонаман. Кака – жамоа тимсоли ва у бизга керак». La Gazetta dello Sport.
Роке Санта Крус: «Кака билан ўйнаш орзум». The Times
Curva Sud (Ғарбий трибуна) тиффозилар гуруҳи: «Биз ундан кетмаслигини сўраймиз. Кетиб қолиш - Каканинг қўлидан келадиган иш эмас». La Gazzetta dello Sport.
Дэвид Бекхэм: «Барчамиз Каканинг қолишини хоҳлаймиз. Ва ўйлашимча у кетмайди, чунки «Милан»ни яхши кўради ва унга бу шаҳарда яшаш ёқади». Sky Italia.
Бернардо Корради: «Какага Манчестерга кетмасликни маслаҳат берган бўлардим. У ерда доим ёмғир ёғади». Channel4
Мика Ричардс: «Каканинг кўрсаткичлари Премьер Лигада ўйнаш учун жуда мос. У тезкор, кучли, ўта маҳоратли. Шунингдек нафақат ақлли тўп оширади, балки гол ура олиш қобилияти ҳам юқори даражада. Какада барча ижобий жиҳатлар мавжуд». MicahRichards.com.
Марчелло Липпи: «Мени айтди дерсиз, Кака «Милан»дан ҳеч қаёққа кетмайди». The Observer.
Жузеппе Армани: «Мен Галлианига Какани сотгандан кўра, бутун жамоани сотиши афзаллигини айтган бўлардим. Кака кетиб қолса, қаттиқ хафа бўламан. У ва унинг оиласи билан алоқаларим яхши. Улар ажойиб инсонлар».
Channel4Арриго Сакки: «Кака – беқиёс футболчи. У нафақат иқтидорли, балки футбол билан яшовчи инсон ҳамдир». Channel4.
«Куинз Парк Рейнджерс» клуби, «Рено» ва «Формула 1» босси Флавио Бриаторе: «Каканинг амалга ошиши мумкин бўлган трансфери - бу ақлдан озишнинг ўзгинаси». Reuters.
Сильвио Берлускони: «Кака учун пуллар – асосий мезон эмас. У биз билан қолади. Дунёда пулдан ҳам улуғроқ туйғулар бор». Il processo di Biscardi.
«Манчестер Сити» ижрочи директори Гарри Кук: «Милан» бизга Кака билан учрашиш имконини ҳам бермади». BBC.
Паоло Мальдини: «Мен Каканинг кетиб қолиши мумкинлигидан қўрқиб кетдим. «Фиорентина» билан ўйиндан сўнг у билан қучоқлашаётиб, уни сўнгги марта бағримга босаётган бўлишим мумкинлигидан юрагим орқага тортиб кетди». ANSA
Карло Анчелотти: «Ниҳоят, шодликдан бемалол ҳайқирсам бўлади. Рости, жуда хурсандман. Бу «жанг»да жамоага бўлган муҳаббат пулдан ғолиб келди». Gazzetta dello Sport.
Андрей Шевченко: «Кака тўғри йўл тутди. Мен бир сония ҳам унинг кетиб қолишига шубҳа қилмадим. Рикардонинг қарорини бошиданоқ билардим. Биз у билан буни кўп муҳокама қилдик. У кўп нарслаар билан қизиқди. У ва менинг трансферларимиз бошқа-бошқа ҳолатлар. Унинг қолганидан бахтиёрман». Sky Sports.
Кака: «Мен қаригунимча «Милан»да ўйнамоқчиман. Менинг мақсадим – келажакда жамоа сардори бўлиш. Мальдини ва Амброзинилардек клубга содиқ бўлиш. Милан – менинг уйим. Бу ердан кетиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Менга юрагимга қулоқ солишим кераклигини маслаҳат беришди. Ва мен юрагим буюрганини қилдим». Mediaset
Бобур АКМАЛОВ
Манба: "Чемпион" газетаси, www.uff.uz
|