Жума, 18.07.2025, 20:46
Приветствую Вас Гость | RSS
uzbfootball.ucoz.ru
Меню сайта
Разделы новостей
Жахон футболи [32] Ўзбекистон футболи [52]
МДХ футболи [24] Осиё футболи [10]
Форма входа
Календарь новостей
«  Апрел 2009  »
Ду Се Чр Пш Жу Шн Як
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Поиск
Друзья сайта
Мини-чат
200
Наш опрос
Sizning sevimli klubingiz?
Барча жавоблар: 217
Статистика

Барча онлайндагилар: 1
Мехмон: 1
Фойдаланувчилар: 0
Главная » 2009 » Апрел » 28 » ЎЙИН ҚАЧОН ТУГАЙДИ?!
ЎЙИН ҚАЧОН ТУГАЙДИ?!
19:06
“Ливерпуль” жамоаси сўнгги хафталарда дунё футбол мухлисларига ажойиб икки ўйинни тақдим этди. “Марсисайдлик”ларнинг Лондоннинг икки жамоасига қарши ўтказган ўйинлари ҳар қандай турнирнинг дурдонасига айланишга ҳақли эди. Мен буни идеал футбол дейишдан йироқман, чунки ҳар иккала баҳсда ҳам “Ливерпуль” ўзи учун керакли бўлган ҳисобни қайд эта олмади. Аммо жамоа исталган пайтда гол уришга қодирлигини ва ўйин ҳакам хуштагигача давом этишини барчага ажойиб шаклда кўрсатиб қўйди. “Арсенал” билан ўтган ўйин охирларида, ўйинни шарҳлаган Мирзаҳаким Тўхтамирзаев “ўйин тугашига 1,5-2 дақиқа вақт қолди” деяётганда тамоман жиддий эди, “Ливерпуль” футболда қандайдир сонияларда кўп нарсани амалга ошириш мумкинлигига ишора эди. Ўша бир-икки дақиқа ичида ҳам улар гол кирита олдилар ва ҳатто яна икки марта хавфли зарбани амалга оширдилар.

Бизнинг клубларимиз ёки терма жамоамиз халқаро майдонларда турли натижаларни қайд этган. Кучли рақиблар устидан йирик ғалабалар ҳам, кучсизлардан мағлубиятлар ҳам, умуман шармандали ҳисоблар ҳам жамоаларимиз тарих сахифаларига битилиб улгурган. Кўпинча ўйланиб қоламиз – биз кучлимизми ёки йўқ? Салоҳият ва имконият, маҳорат ва тажриба, руҳият ва ирода жиҳатидан биз қай даражадамиз? Аслида Осиё грандига айлана олиш ёки жаҳон чемпионати финалчисига айланиш учун бизда нима етишмайди? Нега ютқазамиз-у, ниманинг ҳисобига ғалаба қозонамиз?

Статистик таҳлиллар бирор жамоанинг имкониятларини ошириб ёки камайтириб юбормайди. Аммо баъзи кўрсаткичлар умумий ҳолат ҳақида баҳо бериш имконини беради, келинг, биз ҳам терма жамоамизнинг қисқа тарихига ўзига хос “туйнукдан” қараб кўрайлик.

Терма жамоамиз жаҳон ва Осиё кубоги доирасида (ўртоқлик учрашувлари ва Осиё ўйинлари ҳисобга киритилмади) шу кунгача жами 88 та учрашувда майдонга тушиб, 46 ўйинда ғалаба қозонган ва 25 маротаба имкониятни бой берган. Мен юқорида “Ливерпуль”ни эслаганим бежиз эмас, агар масалага чуқурроқ ёндошсак, футболчиларимизнинг энг катта камчилиги учрашувларда бурилиши ясай олмаслиги, ироданинг етишмаслиги ва кўп ҳолларда ўйинни тезда бой бериб қўйишига гувоҳ бўламиз.

Эътибор беринг, терма жамоамизга қарши учрашувларда рақиб жамоа 31 учрашувда ҳисобни очган ва шундан атиги 1 (!) тасида вакилларимиз ғалабани тортиб олишга муваффақ бўлишган. Қувайт билан ўтган ўйин (3:2) доимо ёдимизда туришининг сабаби ҳам шу – у терма жамоамизнинг тарихдаги ягона иродали ғалабасидир. 14 йил учун бу кам эмасми? Ўша ўттиз бир учрашувнинг 21 тасида терма жамоамиз мағлубиятга учраган, янаям ачинарлиси, бу учрашувларнинг ярмидан кўпида вакилларимиз гол кирита олишмаган. Ўша мағлубиятга учралган 21 учрашувнинг атиги 2(!) тасида футболчиларимиз қисқа вақтга бўлса-да ҳисобни тенглаштира олган холос.

РАҚИБ ҲИСОБНИ ОЧГАН ЎЙИНЛАР

ЖАМИ - 31 та

МАҒЛУБИЯТ - 21 та

ДУРАНГ - 9 та

ҒАЛАБА - 1 та

ҚУРУҚ МАҒЛУБИЯТ - 11 та

Юқоридаги рақамлар терма жамоамизнинг у қадар кучсиз эканлигини англатмайди, чунки вакилларимиз ҳисобни оча олган учрашувларнинг аксарияти бизнинг фойдамизга тугаган. Келинг яна рақамларга мурожаат қилайлик. Футболчиларимиз ўтказилган учрашувларнинг 53 тасида ҳисобни очган. Шундан 85%, яъни 45 та учрашувни ўз фойдаларига ҳал қила олганлар, булардан 43 тасида умуман рақибга ҳисобни тенглаштириш имконини беришмаган ва ҳатто 35 тасида терма жамоамиз дарвозаси даҳлсизлиги сақлаб қолинган. Тўрт учрашув оқибатда дуранг билан тугаган бўлса, атиги тўрттасида рақиб ғалаба қозонган. Ўша мағлубиятга учралган тўрт учрашувнинг иккитасида рақибнинг ўзи автогол киритиб вакилларимизнинг ҳисобни очишларига имкон беришганини таъкидлашни истардим.

ТЕРМА ЖАМОАМИЗ ҲИСОБНИ ОЧГАН ЎЙИНЛАР:

ЖАМИ 53 та

ҒАЛАБА 45 та

ДУРАНГ 4 та

МАҒЛУБИЯТ 4 та

ҚУРУҚ ҒАЛАБА 35 та

Юқоридаги ижобий ва салбий кўрсаткичлар гўёки, икки жамоа ҳақида сўз бораётгандек тасаввур уйғотса-да, аслида бир жиҳатни яққол кўрсатиб турибди. Терма жамоамиз аксарият учрашувларни қандай бошлаган бўлса, шундай тугатган. Яъни, уларда ирода, спортча ғурур ва характер етишмайди. Бу хулосага умуман тўғри келмайдиган футболчиларимиз ҳам йўқ эмас, лекин гап жамоа ҳақида бормоқда.

Аслида бу иллатни рақамларда исботлаш шарт эмас. Юрагингизнинг тубига бир назар ташланг, ахир сиз ҳам рақиб ҳисобни очгач ёки тенглаштиргач, футболчиларимизнинг гол киритишларига ишонишингиз қийин бўлади, тўғрими? Учрашувнинг охирги дақиқалари уёқда турсин, иккинчи таймнинг ўрталарига келиб ҳам вакилларимиз кураша олмай қолганликларини гувоҳи бўлиб келяпмизку! Охирги саралаш босқичидаги ўйинларни олинг. Терма жамоамиз ўйини Қатар, Япония, Австралия терма жамоалари билан сафарда ўтказган учрашувларда рақиб илк голини киритгандан сўнг умуман салбий томонга ўзгарганлигини гувоҳи бўлдик. Клубларимизнинг халқаро ўйинларидаги натижаларини ҳам бир кавлаб кўринг, шунга яқин натижага эга бўлишингизга ишончим комил. Буни фақатгина жисмоний тайёргарлик билан боғлаб бўлмайди, назаримда.

Бу муаммонинг илдизини миллатимизга, ментелитетимизга боғлаш ҳам тўғри эмас. Чунки ирода ва шижоат доимо бизнинг устунлигимиз бўлиб келган. Собиқ Иттифоқ биринчиликларида “Пахтакор” айнан мана шу жиҳати билан ном қозонган, жуда кўп мавсумларда тошкентликлар, аниқроғи ўзбекистонликлар “Ғалабага бўлган иродаси учун” ёки пешқадамлардан энг кўп очко оладиган жамоаларга бериладиган “Совриндорлардан ҳайиқмай” совринларига даъвогарлик қилишган. Европа суперкубоги соҳиби “Динамо” ўша мавсумда Тошкентда (0:5) ва Киевда (0:1) футболчиларимизга имкониятни бой берган. Ўзининг техник футболи, голга чанқоқлиги, курашга тўймаслиги-ю шижоати билан ўзбек футболи алоҳида футбол мактаби сифатида тилга олинарди. Биз қачон бу даражага тушиб қолдик?

Бутун МДҲ давлатлари ўтган асрнинг сўнггида ўтиш даврини бошдан кечирди. Ҳатто Европада ўз мавқеига эга бўлган Россия ва Украина футболи ҳам анча пастлади, халқаро учрашувларда эътиборини йўқотди. Уларда ҳам айни шу муаммо, биз ҳалигача бартараф эта олмаётганимиз – ироданинг бўшлиги панд бериб келарди. Евро-2008 даги Россия – Голландия учрашуви эсингиздадир, худди шундай ўйинни рус футболчилари ижросида қачон кўргандингиз? Мен кетма-кет ҳужумлар ёки киритилган голларни айтмаяпман, ўша уйинда рус футболчилари бошқа, ундан ҳам каттароқ муаммони ҳал қилганликларини намойиш қилишди. Сўнгги дақиқаларда мусобақанинг яққол фаворитидан гол қабул қилиб ҳам курашни тўхтатишмади, дурангни ушлаб қолишга ҳаракат қилишмади ва шунга яраша мукофотланишди. МДҲ дан Шевченконинг чиқишини кўпроқ тасодифга йўяётганлар Тимошук, Аршавин, Жирков каби тўлақонли жаҳон футбол юлдузи деб эътироф этилишга арзийдиган футболчиларни кўргач тилларини тишлашди. Тан олайлик, ўтган 15 йил ичида терма жамоамиз бизни хайрон қолдира олмади, Миржалолдан кейин футболимиз яққол юлдузни кашф этмади. Нега? Нега биз ҳам синовдан ўтган рус ёки украин футболининг тажрибасини қўллай олмаяпмиз?

Блохин ва Хиддинклар ажойиб тренерлар, буни инкор этмайман. Аммо Россия ва Украина терма жамоаларинг муваффақиятларининг омили фақат улар эдиларми? Йўқ, албатта. Скала, Луческу, Петржела каби мураббийлар клубларда катта натижалар қўлга киритишмагандир, аммо айнан улар мамлакат футболида янги босқични бошлаб беришди. Улардаги футболга муносабат футболчиларда замонавий футболчи харакатерининг шаклланишида катта ва асосий ролни бажарди.

Футболимиз биз тан олсак ё олмасак ҳам ривожланишнинг маълум босқичига етиб келди. Ўсиш бор, лекин янги даврни бошлаш учун янгича фикрлаш талаб этилади. ПРО лицензияси бу ерда катта аҳамият касб этмайди, асосийси футболимизга замонавий об-ҳавони олиб киришимиз шарт. Ҳар жабҳада. Биринчи навбатда бошқарув ва мураббийлар борасида. Шундагина биз кучли характерли ва ўзига нисбатан ишончи бўлган футболчиларга эга бўламиз. Фикран ривожланамиз. Қосимов, Шквирин, Абдураимовларга қарши эмасман, аммо уларнинг салоҳияти бирор жамоани юқори мавқега чиқара олиш билан кифояланади холос. Футболимизда янги даврни бошлаш учун ўша Россия ва Украиналарнинг йўлини танлашимиз керак бўлади. Яъни, футболимизга, энг аввало клубларимизга чет эллик мураббийлар керак. Буни эса, энг аввало етакчи клубларимиз бошлаб беришса яхши бўларди

“Бунёдкор”нинг ушбу мавсумдаги ўйинларини кўриб, Ривалдонинг юртимизга олиб келиниши моҳиятини пайқагандек бўляпман. У бизга кўп нарсани ўргатиши керак, маҳорат ўз йўлига, асосийси футболчиларимизда ҳақиқий спортча характернинг шаклланишида намуна сифатида асосий ролни бажариши лозим. Унинг ёши ўтганлиги-ю катта маош олаётганлиги умуман бошқа масала, асосийси унинг ўйини трансфернинг нотўғри бўлмаганлигидан далолат қилмоқда. Муаммо ўзимизнинг ўйинчиларда. Эрондаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларигача бразилиялик юлдуз ҳаракатдан тўхтамади. Ўзимизникиларчи? Ривалдо ўн йил олдинги спорт формасидан анча узоқ бўлса-да, унинг темпига дош бера оладиган футболчи клубда кўринмаяпти. Айнан жисмоний ҳолат ҳозирги кунда “Бунёдкор”да кўнгилдагидек эмаслиги жамоанинг тўпни назорат қилишида асосий ролни бажариши керак бўлган Жепаров, Кападзе ёки Жўраевларнинг, халқаро ўйинларда гол уриши шарт бўлган Солиевларнинг ҳолатида намоён бўлмоқда.

Ёки “Пахтакор”ни олинг. Шиддат ва иштиёқ борасида жамоада муаммо йўқ, жисмоний ёки тезкорлик жиҳати ҳам қониқарли дейишимиз мумкин, аммо жамоада ўйин кам. Ҳамоҳанглик фақат баъзи вазиятларда, қисқа комбинацияларда кўринмоқда, чап қанотдан уюштириладиган ҳужумни ўнг қанотдан қувватлаш кўзга ташланмаяпти, жамоадаги ғоя маркази жуда оз сонли футболчиларга юкланмоқда. Осиё кубокларида клуб яхши натижаларга эришаётган бўлса-да, сўнгги ўйин шуни кўрсатдики, жамоанинг исталган ўйинда сочилиб кетиши эҳтимоли мавжуд. Менинг назаримда “Пахтакор” ўтган йилгидан кўра заифроқ кўринмоқда. Миллий чемпионатда жамоанинг очко олишга қийналиб қолаётганлиги рақибларнинг қаттиқ қаршилигидан эмас, кўпроқ “Пахтакор” ўйинида янгилик кўзга ташланмаётганлигидан деб ўйлайман. Ўйинлар Гейнрихнинг баъзи вазиятлардаги ностандарт паслари-ю, Андреев ёки Каримовларнинг рейдлари билан ёдда қолмоқда холос.

Ачинарлиси, футболимиз келажагини белгилаб бериши керак бўлган етакчи клубларимиз ўйинларини шакллантириши керак бўлган шахслар биз учун мавҳумлигича қолмоқда. Бош мураббий, техник директор, ёрдамчи мураббий, маслаҳатчи мураббий, вице президент – бу вазифаларнинг ҳар бири қайси вазифани бажариши ва қайси муаммоларга бор эътибори билан жавоб бериши лозимлигини била олмай гаранг бўлмоқдамиз. Бошқа жамоаларни эслашнинг ҳожати йўқ. Саркисяннинг “Нефтчи”си ҳали ҳам ўн йил олдинги футболини намойиш этишда давом этмоқда, бошқалар йилдан йилга изланиш билан банд.

Мана шундай ҳолатда биз қандай қилиб Миржалол Қосимовдан Австралияда ғалаба талаб қила оламиз? Терма жамоа мураббийи сифатида у футболчиларни маҳоратини оширишга масъул эмаску! Албатта руҳий жиҳатдан жамоани кучайтириш, мотивацияларни уйғотиш бевосита унинг вазифаси, лекин шунда ҳам асосан футболчиларнинг ўзига боғлиқ бўлиб қоладику.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, спортча характер футбол ўйинларида катта аҳамият касб этади. Эътибор берсангиз, бу жиҳат айниқса болаларда кучли бўлади. Аслида ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган оддий маҳалладаги ўйинларда ҳам бор кучлари билан ҳаракат қилишади, баъзан мағлубият учун йиғлашади. Чет элда боланинг айнан шу жиҳатини сақлаб қолишга кўпроқ ҳаракат қилинади, энди у учун ўткинчи ўйинлар бўлмайди. Биздачи?

Ўртоқлик ўйинларини гапирмай қўя қолай, расмий учрашувларни олайлик. Футболчиларимиз имкони борича рақибга қаршилик кўрсатишади, куч етмай қолган паллада эса ҳисоб-китобни бошлаб юборишади, мағлубиятдан кейинги ҳолатни кўз олдиларига келтиришади. Шунда ҳам имконият сақланиб қолиши ҳақида ўйлай бошлашади, хуллас, ҳаёт фақат футболдан иборат эмаслиги ҳақида фалсафий фикрда ўйинни давом эттиришади ва шунинг ўзи уларнинг мағлубиятига сабаб бўлиб қолади. Йўқ, футболчи учун ўша 90 минут алоҳида умрдир ва ўша паллада фақатгина ўша ўйинга хаёт-мамот даражасида қаралиши энг муҳим жиҳатдир. Биз кўпинча иқлим, ҳакам, тақвим, йўл азоби ва бошқа изоҳлар билан тушунтириб келаётган мағлубиятларимизнинг асосий сабаби шу эмасмикин?

Нашримизнинг ўтган сонида ёши улуғ футбол мухлисларидан бири Эркин Иброҳимовнинг мақоласи чоп этилди. Бундай инсонларнинг суҳбати ўзгача ибрат, ҳеч нарсани таъкидламасалар-да, шундай хикоя қилишадики, кўп нарсани тушуниб бораверасиз. Муаллиф чемпионлик баҳсини Тошкентда ҳал қилиши керак бўлган “Динамо” (Тбилиси) мухлислари ҳақида эслаб ўтибдилар. Менга бу қаттиқ таъсир қилди, уларга хавасим келди. Гап грузинларнинг латифаларга сабаб бўладиган тантиликларида эмас, бошқа нарсада, уларнинг ўша пайтдаги кўтаринки кайфиятларида эди. Бир мавсум чемпионлик пойгасида қатнашган жамоалари йилнинг энг муҳим учрашувини ўтказиш арафасида-ю, улар учун бу байрам. Чунки улар ўз жамоаларига ишонишади, футболчиларнинг икки барабар куч билан майдонга тушишларини яхши англашади.

Бизчи? Қачонгача терма жамоамизнинг муҳим учрашувларини байрам қилиб эмас, хавотир билан кутамиз? Қачонгача ўйин бошланмасданоқ ютқазиб қўйсакчи, деган мулоҳаза бизга тинчлик бермай асабларимизни кемираверади? Қачонгача рақиб дастлабки голни ургач, барчаси ҳал бўлиб бўлгандек қўл силтаймиз ёки вакилларимиз ҳисобни очган ўйинларда ҳакам хуштагини кутиб ўтирамиз? Қачонгача?!

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Манба: "Чемпион" газетаси

Категория: Ўзбекистон футболи | Просмотров: 1650 | Добавил: admin | Рейтинг: 5.0/1 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2025