10 март куни Осиё футбол Конфедерацияси президенти Муҳаммад Бин Хаммам бошчилишгидаги делегация пойтахтимизда меҳмон бўлди. Осиё футболи раҳбарига вице-президентлар Верон Манилал Фернандо (Шри-Ланка) ҳамда Юсуф ал Серкал (БАА) ҳамроҳлик қилишди.
Мазкур
ташриф қитъамиз футболи раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб
ўтказаётган сафари доирасида амалга оширилди. Жаноб Хаммам
мамлакатимизга келишдан аввал Ашхобод шаҳрида ҳам бўлиб, туркман
футболининг бугунги куни билан яқиндан танишди.
14
кишидан иборат ОФК делегациясига раҳбарлик қилган Бин Хаммам минтақада
футболни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан
танишди. Шунингдек, конфедерация билан миллий федерациялар ўртасидаги
муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳалар бўйича биргаликда
ишлаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. Туркманистон пойтахти
Ашхобод шаҳридан учиб келган ОФК делегациясини пойтахт халқаро
аэропортида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов,
федерациянинг биринчи вице-президенти Баҳтиёр Раҳимов, бош котиб Сардор
Раҳматуллаев ва бошқа мутасадди инсонлар кутиб олишди. Мартабали меҳмонлар Тошкент аэропортидан тўғри «Чиғатой» Республика олий маҳорат мактабига йўл олишди. Делегация аъзолари терма жамоаларни тайёрлаш марказини кўздан
кечиришди. Бу ерда яратилган шароитлар қитъамиз футболи раҳбарида илиқ
таассуротлар қолдирди. Айниқса, марказда ташкил этилган
илмий-методологик, биологик, ҳакамлар, мурабийлар, муолажа, матбуот
анжуманлари учун алоҳида-алоҳида хоналарни Бин Хаммам алоҳида қайд
этди. – «Мен юртингизда сўнгги бор 2007 йилнинг 29 март куни
бўлгандим,—дейди М.Хаммам.—Ўшанда айнан мана шу марказга рамзий
маънодаги илк ғиштни, яъни пойдеворни қўйгандик. Қисқа фурсат ичида
мана шундай кўркам, барча талабларга жавоб берадиган мажмуанинг қад
ростлаши бу таҳсинга лойиқ». «Чиғатой» терма жамоаларни тайёрлаш
марказида тўртта футбол майдони бўлиб, шулардан биттаси сунъий
қопламали. Айни пайтда майдонлардан бири қайта таъмирланмоқда.
Аниқроғи, майдоннинг чими қайтадан сепилди. ЎФФ раҳбари меҳмонларга «Чиғатой»нинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида гапириб берди:
«Бу
футбол марказини ўтган йили фойдаланишга топширдик. Марказда бир
вақтнинг ўзида машғулот ўтказиб, яшаш имконияти мавжуд. Меҳмонхона
халқаро андозалар асосида жиҳозланган. Мажмуада асосан ўсмирлар ва
ёшлар терма жамоалари машғулот ўтказишади. Ҳозир биз футбол
мактабларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Авваллари бу мактаблар Халқ
таълими вазирлигига қарашли эди. Ўтган йилдан бошлаб бу мактабларни
Ўзбекистон футбол федерацияси қарамоғига ўтказдик. Шахсан ўзим бу
масала билан шуғулланаяпман. Чунки, болалар футболига эътибор бермай
туриб, катта футбол ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Бу футбол мактаблари
федерация ҳисобидан молиялаштирилади».
Шундан сўнг, ОФК делегацияси пойтахтимиздаги янги қиёфа касб этган ЖАР стадионига йўл олишди. Мазкур стадион «Бунёдкор» клуби
раҳбарияти томонидан қисқа фурсат ичида капитал реконструкциядан
чиқарилди. Меҳмонлар стадионда амалга оширилган кенг кўламдаги
бунёдкорлик ишларига юқори баҳо беришди.
Ташрифнинг сўнгги манзили сифатида Марказий «Пахтакор»
стадиони танланди. Бунга етарлича асос бор эди. Шахсан Юртбошимиз Ислом
Абдуғаниевич Каримов ташаббуслари ва кўрсатмалари асосида
мамлакатимизнинг бош стадиони қайта таъмирланиб, энг улуғ ва азиз
байрам - истиқлолнинг 17 йиллик тантаналари олдидан фойдаланишга
топширилганди. Очилиш маросимида давлатимиз раҳбари замонавий кўринишга
келтирилган стадионга ижобий фикрларини билдирган эди. Ўз ўрнида Бин Хаммам ҳам стадионни кўздан кечириб, бу ерда яратилган янги шарт-шароитлар билан танишди. Ўзбекистонда стадионлар қурилишига катта
эътибор қаратилаётганига ва бу яқин кунларда ўз мевасини беришини
таъкидлади. Шундан сўнг, федерация президенти Мираброр Усмонов
пойтахтимиздаги «Чилонзор» ва Мирзо Улуғбек метро бекатлари оралиғида
бунёд этилаётган футбол шаҳарчаси ҳақида батафсил маълумотлар берди.
«36 гектар майдонга эга ҳудудда 33 минг томошабинга мўлжалланган, жаҳон
талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган арена қад ростлайди. ЖЧ-2006
стадионлари лойиҳаси ва қурилишида жонбозлик кўрсатган Германия
ва Голландия компаниялари билан ҳамкорликда янги арена бунёд этилмоқда.
айни пайтда стадионнинг пойдевори тайёр бўлди. Лойиҳа қиймати
150 млн. долларга тенг. Халқаро мақомга эга бўладиган стадион атрофида
яна еттита футбол майдони барпо этилади. Шулардан тўртаси сунъий майдон
бўлади. Футбол интернати, академия, 6 та очиқ сув ҳавзаси қурилади. Бу
бассейнлар қиш мавсумида муз устида коньки, фигурали учиш спорти
ихлосмандлари ихтиёрида бўлади. «Бунёдкор» шох кўчасида, яъни стадион
атрофида спорт моллари билан савдо қилувчи жуда катта дўконлар мажмуаси
ишга туширилади. Хуллас, бу ерда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.
Насиб қилса, режамизга кўра мажмуани келгуси йилнинг 15 март куни
фойдаланишга топширамиз».
Танишув
маросимидан сўнг «Пахтакор» стадионининг мажлислар залида ОФК ва ЎФФ
расмийларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида биз ОФК Президенти Муҳаммад Бин Хаммамга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
— Авваламбор, жаннатмакон Ўзбекистонга хуш келибсиз. Қандай таассуротлар билан қайтаяпсиз?
—
Самимий кутиб олганингиз учун раҳмат. Бешинчи маротаба Ўзбекистонга
келишим. Тошкентдан катта таассуротлар билан қайтаяпман. Юртингизда
қисқа муддат ичида амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан очиғи
ҳайратдаман. Бу даражада бўлади, деб сира ўйламагандим. «Чиғатой»
футбол маркази, Ўзбекистон футбол федерацияси қошидаги сунъий қопламали
майдон ФИФАнинг «Гол» лойиҳаси асосида молиялаштирилганди. Бугунга
келиб бу объектлар футболни севадиган ёшлар билан гавжум эканлигини
кўриб хурсанд бўлдим. Мана бу «Пахтакор» ва ЖАР стадионларидап олиб
борилган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ. Икки йил тарих учун жуда қисқа
фурсат. Лекин бу амалга оширилган ишларга таҳсин айтмай иложим йўқ.
- Ўзбекистонда футболни янада юқори чўққиларга олиб чиқиш учун яна қандай ислоҳотларни олиб бориш керак, деб ўйлайсиз?
-
Осиё футболи Европадан қолишмаслик мақсадида тараққиёт сари дадил
одимламоқда. Профессионал футбол лигаларининг ташкил топиши бу жараённи
янада жадаллаштирди. Қўрқмай айта оламан, ҳозирда ўзбек футболи ўзининг
янги босқичига кўтарилмоқда. Болалар футбол мактаблари фаолиятига
жиддий эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Бу ташаббус ОФКнинг «Осиёга
назар» лойиҳаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Айни пайтда мазкур
лойиҳа қитъанинг футболи ривожланаётган давлатларида фаолият юритмоқда
ва маҳаллий федерациялар билан кенг қамровдаги ишларни амалга
оширмоқда.
- Янги ташкил этилган Осиё чемпионлар лигаси баҳсларидаги Ўзбекистон клубларининг иштирокини қандай баҳолайсиз?
-
Ўзбекистондан «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоалари нуфузли мусобақада
иштирок этаётганидан ҳабарим бор. Бу икки жамоа иштирокидаги ўйинларга
шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Фикрларим ижобий. Клубларингиз
профессионаллик сари дадил одимламоқда. Ишлар тўғри йўлга қўйилган.
«Пахтакор» ҳам, «Бунёдкор» ҳам янги кўринишга эга бўлган лига
баҳсларида омадли иштирок этишига ишонаман ва уларга масъулиятли
ўйинларда омад тилайман.
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштироки ва имкониятлари ҳақида нима дея оласиз?
-
Жаҳон чемпионатининг тўртинчи саралаш босқичида кучсиз жамоалар
бўлмайди. Мана шу босқичга етиб келган ўнта терма жамоа Осиёнинг юзи
ҳисобланади. Ўзбекистондан ҳам мана шу ўнта терма жамоа орасида ўз
ўрнига эга. Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш вазифаси эса
футболчиларга боғлиқ. Агар улар ўзларига билдирилган ишончни тўлалигича
ҳис қилиб, майдонда ҳаракат қилса, Ўзбекистон ҳам албатта мундиалнинг
финал босқичида Осиё шарафини ҳимоя қилади.
Шу тариқа, ОФК мутасаддиларининг пойтахтимизга уюштирган қисқа муддатли ташрифи ўз якунига етди. Муҳаммад Бин Хаммам ва унинг ҳамроҳлари Тошкент халқаро аэропортидан Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрига жўнаб кетишди.
|