Хозир қиш бўлса ҳам зерикишга фурсат бўлмаяпти. Футболимизда бўлаётган воқеалар одамни тинч қўймайди ва қўлга клавиатура олишга ундайверади. Мени жуда кўп саволлар қийнаяпти ва тинч қўймаяпти. Очиғи, ноқис ақлим бу нарсаларни идрок қилишга бироз етмаяпти. Келинг, шуларни сизлар билан ўртоқлашай.
ПФЛ нима қилмоқчи?
Янги йилдан мураббийлар учун янги қоида чиқибди. Унга кўра, агар, чет эллик мураббий ПРО лицензиясига эга бўлмаса, олий лига клубини бошқариши мумкин эмас экан. Бу қоида кўринишидан анча мантиқли. Тўғри-да, малакаси йўқ мураббийга футболимизни топшириб қўя олмаймиз. Аммо, бундай ислоҳотлар воқеъликдан келиб чиқмайдими? Агар футболимизни чет эллик малакасиз мураббийлар босиб кетганда ва бундан маҳаллий кадрларимиз ёки футболимиз жабр кўрганда бу ислоҳот тушунарли бўларди. Ким учун чиқди бу қоида? Фақатгина Тачмурод Агамурадов учунми?
Бу каби чекловлар кўпгина лигаларда амалга оширилади. Масалан, маҳаллий ёш футболчиларни ҳимоя қилиш мақсадида легионерларга чеклов қўйилади, чунки, ўша пайтда лигани легионерлар босиб кетган бўлади. Яъни, шу орқали тизим натижасида жабр чекаётган ва ҳимояга мухтожлар ҳимоя қилинади. Юқоридаги қоида кимни ҳимоя қилади? Маҳаллий мураббийларними? Янги раҳбар амалга ўтириши билан энг аввало ишни хонасидаги жиҳозларни ўзгартириш билан бошлаганидек, янги ташкилот ҳам бир нималарни ўзгартиришга муҳтожми? Ўзгартириш учун бошқа нарса йўқми?
Чет элдан мураббийни клублар жалб қилади, агар, у муваффақият қозона олмаса, дарҳол орқага қайтариб юборилади. Табиий равишда ҳар қандай клуб кучли мураббийга эхтиёж сезади. Бу эхтиёжни ҳеч қандай қонун билан тартибга солиб бўлмайди. Тачмурат Агамуродов футболимизда ўз услуби ва ғоясига эга бўлган оз сонли мураббийлардан бири эди. Хўш энди футболимиз ютадими? Менимча, йўқ. Мураббий ҳақиқий ПРО лицензиясига қандайдир имтиҳонлар орқали эмас, майдондаги натижалари орқали, мухлислар эътирофи орқали эришади.
“Бунёдкор” нима қилмоқчи?
Зоҳиран қараганда клуб қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. “Барселона”, “Литекс” каби клублар билан ўйнади. Тўраев, Мелзиддинов каби футболчилар билан сафини бойитмоқда. Олдинга силжиш бордек. Аммо...
Зико рахматни айтиб кетиб қолганидан сўнг (аниқроғи, кетиб қолиб, кейин рахматни айтган) клубда мураббий йўқ. Амет Мемет янги мавсумда бош мураббий бўлишига ҳеч ким ишонгани йўқ, албатта, кимдирни кутяпмиз. Қачон? Февраль яқинлашиб қолди. Албатта, келган мураббий ўз ғояларини, ўз ўйин услубини олиб киришга ҳаракат қилади. Шундай экан, вақтлироқ ҳаракат қилиш керак эмасми? Баҳорда бирор машҳур мураббийни олиб келиб, унга “мана сенга жамоа, шуларни тайёрла” деймизми? Аввал услуб, схема тайёрланиб, кейин шунга яраша футболчилар танланмайдими?
Тасавур қиляпман, ўша тренер келади, ўз тизимини жорий қилади. Албатта, бу схемадан баъзи футболчилар четда қолади, яъни янги мураббийнинг услубига тўғри келмайди. Натижада ўша футболчи салоҳиятли бўлса-да, мавсум ярмигача заҳирада ўтиришга мажбур. Балки, бу Мелзиддинов бўлар. Унда нега уни сотиб олди “Бунёдкор”? Қаерда ундан фойдаланиши аниқ эмаску!
Ўзбекистон чемпионатида балки мураббий зарурмасдир, аммо, бу йилги ОЧЛ анча мураккаб куринишга эга бўлади. Гуруҳда биринчи бўлиш керак. Акс ҳолда, сафардаги ўйинда ҳар нарса бўлиши мумкин. Унда янги мураббийдан нимани эшитамиз? Тахминан шуни:
-Клубимиз кучли футболчилардан ташкил топган. Фақатгина клубга бироз кеч қўшилдим ва етарлича трансферларни амалга ошира олмадик. Менга вақт беринглар ва мен ғояларимни клубга олиб кираман. Ваъда бераман, келаси мавсумда ҳақиқий жамоани кўрасизлар.
“Пахтакор” нима қилмоқчи?
Буям қизиқарли савол. Ўтган йили жамоанинг ОЧЛ да қатнашиши аниқ бўлгач, роса хурсанд бўлгандим. Ана энди, “Пахтакор” ҳам таркибини кучайтиришга ҳаракат қилади, олий лига ҳам яна қизиқарли ўтади, деб ўйлагандим. Аммо...
Жамоанинг МДҲ кубогидаги иштироки кўпчиликка манзур бўлди. Айтишларича, ўринбосарлар таркиби билан ярим финалга чиқиш жуда катта ходиса экан. Қанақа ўринбосарлар? Тўғри, ўтган йилги таркиб билан солиштирганда жуда катта фарқ бор. Аммо, сиз бу йилги таркиб билан солиштиринг. Ўша биз ўринбосар деяёган Андреев, Шарофуддинов, Муллажонов ёки сербларга бу йили катта умид боғланяпти-ку!
Жамоанинг трансфер сиёсати менга ёқмади. Гўёки, ёш футболчиларни юлдуз қилиб етиштириб, шу орқали тирикчилик қиладиган “Арсенал”, “Аякс” каби клубларга ўхшаб кетяпти. “Пахтакор” биринчи навбатда бизга халқаро майдонда натижа олиб бериши лозим. Мавсум тугагач, мураббийларнинг “тўғри, биз яхши натижага эриша олмадик, аммо, юртимизга фалон-фалон футболчиларни кашф қилиб бердик” деб ўзларини оқлашлари нотўғри.
Клуб уэльслик мураббий Жеймс Шоулдер билан музокара олиб бориши ҳам қизиқ ҳолат. Интернетни титкилаб номини топа олмаганимиз бу шахсни улар қаёқдан топишгани ҳам қизиқ, ҳам мақтовга сазовор. Клуб дарров тушунтириш киритди ва бу мураббий клубга бош мураббий бўлиб келмаётганлигини, фақатгина, академия футболчиларини тарбиялаши мумкинлигини айтди. Академиянинг масъулияти клубникидан кам эмаску. “Пахтакор”га мураббий керак эмасдек, Бабаянннинг ўзи ҳам эплаб қўяди, нега энди болаларимиз тарбиясини ҳеч ким танимайдиган ва бирор бир натижага эришмаган шахсга топшириб қўйишимиз керак? ПРО лицензиясини мана шу ерда қўллаш керакмасмикин жаноб ПФЛ?
“Нефтчи” нима қилмоқчи?
Мураккаб савол. Клуб ОФК кубогида қатнашади. Чемпионатда юқоридаги икки клубга қаршилик кўрсатиши керак. Аммо, ҳаракатлар бундай деб ўйлашга асос бермаяпти. Мелзиддинов, Ҳасанов, Отақўзиевлар кетди. “Нефтчи”га юлдузлар керак эмасми, деган савол туғилади. Клуб Ҳасановга жавоб бериб, айтишларича, саккизта (!) дарвозабонни синовдан ўтказаётган экан. жамоага таклиф қилинган футболчилар ҳозирча сир эмиш. Кимдан яширамиз? Мураббийларимиз ўзларича мана шундай усуллар қўллашга ҳаракат қилишади, Осиё майдонларида эса араб ёки болқонлик айёр мураббийларнинг тузоғига осонгина тушиб қолишаверади.
Воҳаликлар нима қилишмоқчи?
Аслида, учта жамоа ҳақида сўз юритиш керак эди-ю, чалкашиб кетдим. Уларнинг мақсадларини тушуна олмай гарангман. Биттасининг мураббийи унисига. Унисининг бошлиғи бунисига. Футболчиларнинг ярми у ерга, қолгани бунисига, яна қолгани учинчисига. Ҳатто, футболчиларнинг ўзи ҳам адашиб кетгандир Қарши-Муборак-Ғузор йўналишида қатнайвериб. Мана шу шаклда улар суперклуб ташкил қилишмоқди. Ўртоқлар жамоангиз суперклуб бўлмайди, кўрасиз. Бу аҳволда Тошкентга қаршилик қила олмайсиз, қиларсиз фақат Қаршида, битта ўйинда. Клуб натажага эришиши учун, албатта ғолиблик руҳидаги футболчиларга эхтиёж сезади. Ким нима деса десин-у, “Бунёдкор”нинг чемпион бўлишида, айнан Жепаров, Кападзе ва Солиевларнинг ўрни беқиёс. Хўш, воҳаликлар чемпионлик учун курашиш учун “Пахтакор”нинг ёки “Бунёдкор”нинг бирорта асосий ўйинчиларига оғиз солишга қурби етдими? Ёки маҳорат бобида ўшалар даражасидаги легионерга эга бўлдими? Йўқ. “Насаф” таркибидаги футболчиларнинг ҳаммаси бутун умр бронза ёки кучли олтилик учун курашиб юрганлар. Улардан Қаршидаги чиройли стадионда ҳар қандай рақибни ютишни талаб қилиш мумкин, аммо, чемпионликни эмас.
Бошқалар нима қилишмоқчи?
Бу энг осон савол. Бунга жавобим тайёр, фақат, тепадагиларни ёзганим учун уларни ҳам эслашни лозим топдим. Улар мавсумни ҳар галгидек бошлашмоқчи ва вазиятга қараб ўйнайверишади. Аввал, бронзага ҳаракат қилишади, кейин олий лигадаги ўрин учун талашишади, кейин эса кучли ўнликка кирдик деб мақтаниб юришади. Мени бир нарса ташвишга солмоқда. Агар, бирор клубимиз олий лигада ўйнашни истамай қолса, маблағ топа олмаса қайси жамоа билан ўрнини тўлдидаркинмиз? Бошқа жамоа йўқку юртимизда.
Ғоя қани?
Юқоридаги ҳолатларни таҳлил қилиб, шунга амин бўлдимки, жорий мавсумда футболимизда ўзгариш бўлмайди. Терма жамоамиз ЖЧ га чиқар, ёшларимиз Мисрда муъжиза кўрсатарлар, аммо, футболимиз ўзгармайди. Чунки футболимизга янги ғоя кириб келмаяпти.
2008 йилд футбоидаги “рус инқилоби”га ким сабабчи бўлди? Аршавинми? Уни биз олдин ҳам билардик, ҳали кўрамиз Англияда нима қилишини. Жирковми? Йўқ, бунга Мутко, Гус ва Диклар сабабчи бўлишди. Улар рус футболига янги ғояни, янгича фикрлашни олиб киришди.
Юқорида тилга олинган Агамуродов 2002 йилда худди шундай янгиликни олиб кирганди ва “Пахтакор” Осиё майдонларида ажойиб қатнашиб, мухлисларни стадионга қайтара олганди. Афсуски, бошқа жамоалар уларнинг ортидан эргашмади.
Клубларимизнинг трансфер сиёсатларини таҳлил қилар эканман, уларда бирор бир тизим ёки талаб йўқлигига ҳайрон қоламан. Бирор номи чиққан ўйинчи бўшаб қолдими, тамом, ўша футболчини клубга чақиришади ва ўйнайдиган позициясига қўйиб қўйишади. Футболда янги схемалар, комбинациялар ташкил қилиш йўқ.
Европани, хусусан “МЮ”ни олайлик. Алекс Фергюсон бир неча йилдан бери жамоа тепасида, аммо, клуб кўрсатаётган футбол йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Клубнинг асосий мақсади, “Бунёдкор”га ўхшаб номдорроқ футболчини чақириб, мухлисларни жалб қилиш эмас. “Пахтакор”га ўхшаб юлдузларни кашф қилиш эмас. Уларда аввало жамоа тизимини, жамоавий ўйинни такомиллаштиришга ҳаракат қилишади. Айнан шу тизимга мос футболчи излашади. Баъзилар Фергюсоннинг юлдузлар кашф қилиш ва оқилона трансфер сиёсатига тан беришади. Трансфернинг оқилона эканлиги тўғри, аммо, бу трансферлар кўпинча ўша футболчи учун эмас. клуб учун фойда келтиради. Яъни, сотиб олинаётган футболчи юлдуз бўлиб порлаши шарт эмас, айни вақтдаги жамоанинг камчилик жойини ёпса кифоя, тизимнинг мукаммал ишлаши таъминланса бўлди.
Верон, Криуфф, Чадвик, Блан, Ховард, Жемба Жемба, Форчун, Форлан, Саа, Ричардсон, Игллз, Харгвиз, Таиби, Росси, Ларссон.. бу рўхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бу футболчилар гўёки, “МЮ” таркибида порлай олишмади, нотўғри трансфер қурбони бўлишди. Менимча, ундай эмас. ушбу футболчилар ўз вақтида “МЮ” тизимининг мукаммал ишлашида, таркиб янгиланиши даврида бир мурват вазифасини ўтаб бердилар. Натижада, клуб 1999 йилдаги давридан бутунлай янги кўринишга келди ва буни биз пайқамадик.
Буни нима учун келтирдим. Бир мақолада Миракмал Жамилов тўғри ёзганди, бизда ғоя йўқ. Жамоаларимиз бир хил ўйин кўрсатишади, таркиби бироз кучлироғи ҳужум қилади, рақиби ҳимояланади. Шарҳловчиларимиз ҳали ҳам агар майдонда битта ҳужумчи тушса, демак, ҳимоя вариантида ўйнар эканмиз, деб юришибди. Ўша “МЮ”нинг энг ҳужумкор ўйинларини олинг, ҳатто, баъзиларида бирорта ҳам ҳужумчи бўлмайди. Европанинг бошқа жамоаларида ҳам баъзан шу ҳолатни кузатамиз. Футбол аллақачон амплуа ва позиция тушунчасидан воз кечиб бўлган. Бу тотал футбол эмас, универсализм. Европа клублари ўзлари учун ҳимоячи ахтаришда унинг ҳужум қилишига ҳам эътибор беришмоқда, ҳужумчиларга “подкат” сирлари ўргатилмоқда. Биз эса ҳали ҳам 5-4-1 -бу ҳимоя, 3-4-3 -бу ҳужум деб юрибмиз
Муаммо нимада?
Бир пайтлар “Спартак” (Москва) да ўйнаб юрган собиқ ҳамюртимиз Андрей Пятницкий бош мураббий Романцевга янги квартира беришини сўраб мурожаат қилган ва:
-Андрей, сен машғулотлардан чалғима, бизда саккизта администратор ишлайди, улар ҳал қилишади, -деган жавобни олган.
Бизда бироз бошқача. Мураббий бутун қиш давомида жамоаси учун маблағ қидирса, тайёргарлик учун ҳомийларнинг кабинетлари эшигида сарғайса, у қачон футболни ўйлайди, қачон янгилик устида бош қотиради, ўз устида ишлайди. Бир мураббийга мана бу жамоани сен мана бу ўринга олиб чиқасан, деб, тайёр, қотиб қолган ўйинчиларни беришса, бошқасига клуб вице президенти тинмай ақл ўргатиб турса. Унда қачон мураббий изланади, ўз ғояларини тадбиқ қилади?
Мураббийнинг вазифаси шогирдларига маош топиб бериш ёки сафар ҳаражатлари учун зир югуриш бўлар экан, мавсумга тайёрланиш, янги футболчиларни жалб қилиш ўрнига клубнинг ПФЛ га тўланадиган бадали ҳақида қайғурса, ҳеч қачон ўсиш бўлмайди.
2009 йилда биз яна ўтган йилги футболни кўрамиз. Тошкентнинг икки клуби чемпионлик учун курашади, “Насаф” дастлабки очко йўқотгунча, “Нефтчи” илк мағлубиятигача чемпионликни ўйлайди ва кейин бронза учун жангга киришади. Қолганлар ўз футболларини намойиш этишади. Сиз бошқача фикрдамисиз? Унда сизни эшитамиз.
Қаҳрамон Асланов
Манба: "Чемпион" газетаси
|