Абу-Дабининг Super спорт нашри йилнинг энг яхши осиёлик, африкалик ва араб футболчиларини аниқлади, дея хабар бермоқда TheNational.
ФИФА дунёнинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун терма жамоа бош мураббийлари ва сардорлари ўртасида сўров ўтказади. Европанинг энг яхши футболчисини аниқлайдиган "Франс Футбол" нашри эса футбол журналистлари фикрини инобатга олади. Англиянинг World Soccer журнали ҳам ёзувчи, ҳам ўқувчи тарафдан сўров олади.
Super нашри эса юқоридагиларни барчасини бирлаштиришга ҳаракат қилди: 40 фоиз овоз мутахассис ва мураббийларга, яна 40 фоиз матбуотга ва 10 фоиздан терма жамоа сардорлари ва ишқибозларга имконият берилди.
Африканинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун тузилган рўйхатда 24 футболчи бўлса, араб футболчилари сони 23 та эди.
Осиёнинг энг яхши футболчилари номига 43 футболчи даъвогарлик қилиб, улар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари - Сервер Жепаров, Максим Шацких, Одил Аҳмедов ва Жасур Ҳасановлар бор эди.
Ушбу мукофотга Абу Даби спорт кенгаши раиси Шайҳ Ҳазаа Бин Заед ал-Нахян ҳомийлик қилди. Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб деб топилганларга 100 минг АҚШ долларидан топширилади.
Сўровнома якунларига кўра, энг яхши осиёлик футболчи сифатида Жанубий Корея терма жамоаси ва Англиянинг "Манчестер Юнайтед" клуби ярим ҳимоячиси Парк Жи Сунг тан олинди.
Того терма жамоаси ва Лондоннинг "Арсенал" клуби ҳужумчиси Эммануэль Адебайор энг яхши африкалик футболчи деб топилди.
Миср терма жамоаси ва Мисрнинг "Ал-Аҳли" клуби ярим ҳимоячиси Муҳаммад Абутрика энг яхши араб футболчиси йўналишида тенгсиз бўлди.
Emirates Palace Hotel’да бўлиб ўтган тақдирлаш маросимига фақат Адейбайор кела олди. Парк Жи Сунг видеохабар жўнатган бўлса, Абутриканинг совринини Миср терма жамоаси бош мураббийи қабул қилиб олди.
Қоидага кўра, 100 минг АҚШ доллари тақдирлаш маросимига келган ғолибларга топшириларди. Шундай қилиб, фақат Адебайоргина уйга араб шайҳи ва араб нашри топширган пуллар билан қайтди.
Энг кўп овоз олган 10 таликлар эса қуйидагилар бўлди.
Африка: Дидье Дрогба, Эммануэль Адебайор, Салли Мунтари, Амр Заки, Самуэль Это’О, Майкл Эссьен, Муҳаммад Абутрика, Мамаду Диарра, Стефен Воргу, Сейду Кейта.
Араб: Аҳмад Ҳассан, Исмоил Матар, Ҳалфан Иброҳим Ҳалфан, Аҳмад Ажаб, Ҳусни Абд Рабо, Амр Заки, Файсал ал-Ажаб, Муҳаммад Абутрика, Ёсир ал-Қаҳтоний, Ҳишам Абуҳарун.
Осиё: Исмоил Матар, Парк Жи Сунг, Жавод Некунам, Бретт Эмертон, Шунсуке Накамура, Себастьян Сория Куинтана, Сервер Жепаров, Ҳавор Мулла Муҳаммад, Ғулом Ризо Ризоий, Ясухито Эндо.
Манба: www.cctv.com
|